Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тешавой «герой» ва бўри (ҳажвия)

Тешавой «герой» ва бўри (ҳажвия)

Тешавой кечаси уйқуси қочиб, хаёл суриб ётган эди, бир пайт қўйлари  қамалган қўра томондан дупур-дупур овоз эшитилиб қолди. У шоша-пиша елкасига чопонини илдириб ташқарига чиқди.

Қўрага қараркан, нимқоронғида қўйларнинг бир бурчакка тиқилиб олганини кўриб ҳайрон бўлди. Ўртада эса қандайдир жонивор бир қўзининг бўғзидан тишлаб турарди.

Тешавойнинг кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди. «Мол аччиғи – жон аччиғи», деганлари шу бўлса керак-да. «Нега бу ит менинг қўрамга кириб, қўйларимга ҳужум қилаяпти? Мана бунисининг суробини тўғрилаб қўйибди. Ҳозир ўзингнинг кунингни кўрсатаман».

Шу хаёллар билан чамаси бир қулочли узун темир қўлига қандай илинганлигини билмади. Ўзини қўра ичига урди. Азбаройи ғазабланганлигидан қўрадаги ҳалигача семизгина қўзини тишлаб хириллаб турган жониворга яқинлашди. Бор аламини қўлига йиғиб, бегона итнинг қоқ бошига туширдики, бу зарбадан ит тугул фил ҳам тил тортмай ўлиши тайин эди. Йиқилиб тушган ҳайвонни яна хуморидан чиққанча калтаклади Тешавой.

Хуллас, Тешавой ҳаром ўлган, бўғизланган қўзиси учун ўч олди. Аввал пойида узала тушиб ётган итни, сўнг бечора қўзисини судраб қўра ташқарисига чиқариб ташлади. Кейин қўра эшигини яхшилаб бекитиб, кўнгли хотиржам тортиб, уйига қайтди. Мириқиб ухлади.

Эрталаб хотинининг овозидан уйғониб кетди:

– Туринг, туринг, дадаси, қўра ёнида одамлар турибди, сизни чақиришяпти.

– Нима дединг? Одамлар? Нега чақиришади, каллаи саҳарлаб? Қўранинг ёнида пишириб қўйибдими? – дея бир оз зарда қилгач, кечаси бўлган воқеа ёдига тушди. «Э-ҳа, ҳалиги итнинг эгалари келган бўлса керак. Кучугимни нега ўлдирдинг, дейиши аниқ. Чиқайин-чи, бир гап бўлар. Мен ҳам жим турмасман, олдин ҳаром қотган қўзимни тўлаб қўйсин».

Тешавой юз-қўлни ювган бўлиб, қўра ёнига яқинлашди:

– Ҳа, хуш кепсизлар! Битта ит ўлса, шунча ваҳимами?

Одамлар Тешавойни ўраб олишди. Қўшниси Мамарайим тоға:

– Бу бўрини қандай ўлдирдинг? Сенга ҳамқишлоқлар келишиб «қишлоғимизда хизмат кўрсатган «герой» деган унвон беришга қарор қилдик, – деди.

Ҳайрон бўлган Тешавой одамлар орасидан ўтиб, ўлиб ётган жониворга қаради. Қозиқ тишлари кўриниб, тили осилиб ётган «ит» ростакам бўри эди. «Герой» қўрққанидан ҳушидан кетиб, бўри билан қўзининг ёнига йиқилди.

Дўстбек Сулаймонов,
Самарқанд

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг