Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Нўноқ раҳбар портретига чизгилар» ёки бошқарувдаги етти асосий хато

«Нўноқ раҳбар портретига чизгилар» ёки бошқарувдаги етти асосий хато

Фото: «Мираман»

Ҳар қанча важоҳатли кўрингани билан, барибир, кучсиз (ёмон) раҳбар ўзини ўзи фош қилиб қўяверади — ишида, юриш-туришида, оддий нарсаларда. Хўш, нўноқ раҳбарнинг қусурлари нималардан иборат — шулардан айримларига тўхталиб ўтамиз.

Қандай бўлмаслик лозимлигини билиш — менежментда ўз йўл ва услубини топишни истаганлар учун биринчи қадам.

«Кучсиз» (ёмон) раҳбарнинг умумэътироф этилган, типик хусусиятлари нималардан иборат?

1. Доим олдиндан кутилмаган ва кўрилмаган вазиятларга тушиб юради, уларни барҳам этишга эса жуда кўп вақтини ва кучини сарфлайди.

Бунга сабаб шуки, у, биринчидан, муаммонинг яқинлашаётганини илғай олмагани учун ҳам олдиндан бунга тайёргарлик кўролмайди; иккинчидан, у доим иккинчи даражали ишлар билан банд бўлгани учун ҳам энг асосий иш: айнан шу «кутилмаган вазиятлар» юзага келмаслиги учун бажарилиши лозим бўлган стратегик вазифаларни вақтида бажаришни назардан қочиради.

2. Ишни ҳаммадан зўр билишига ва бажаришига ишончи комил, шунинг учун барча ишни ўзи қилишга уринади. Бу менежментдаги икки муҳим аксиомани тушунмасликнинг оқибати:

  • а) менежер ҳар куни жисмоний имкониятидан кўпроқ вазифаларни ҳал этиши лозимлиги мутлақо нормал ҳолат. Шунинг учун профессионал менежер вазифаларининг бир қисмини қўл остидагиларга тақсимлаб, шунга яраша керакли ваколатларни ҳам тақдим этиши керак;
  • б) кўп ходимлар ўз ишини шефдан ёмон билмаслиги мутлақо нормал ҳолат. Ким ишлаб чиқарса — у бошқармайди, ким бошқарса — у ишлаб чиқармайди. Шефнинг иши ўзи қилишмас, балки — бошқариш (ниманидир кимларнингдир қўли билан бажариш). Профессионал менежер инсонларни меҳнатга тақсимлайди ва буни қанчалик самарали амалга оширишни билади.

3. Доим иш билан банд, ҳамма нарсага аралашишни истайди, шунинг учун вақти йўқ. Бир пайтнинг ўзида одамларни қабул қилади, телефонга жавоб беради, буйруққа қўл қўяди, ходимларига оғзаки топшириқлар беради.

Бу иш усулини, мабодо жўшқин фаолият имитацияси бўлмаса, Юлий Цезарь усули деб аташ мумкин. Рим императори бирваракайига жуда кўп ишларни уддалаш қобилияти билан тилга тушганди. Аммо замонавий раҳбар тақлид қилиш учун ўзига бошқа қаҳрамон топгани маъқул (Юлий Цезарнинг тақдири қандай кечганини биласиз).

4. Иш столи қоғозга тўлиб кетган. Тушунарсиз: қайси бири муҳим-у қай бири шошилинч ёки умуман кераксиз. Менежер иш столидаги бу «тартиб» билан нафақат ўзига керакли ҳужжатли вақтида топа олмайди, балки меҳнатни ташкил этиш, энг муҳим вазифаларни белгилашдаги нўноқлигини кўрсатиб қўяди.

5. Эрта тонгдан кечгача, баъзида тунгача ишлаш. Бутун вужуди билан «ишга кўмилган» бундай менежернинг дастидан на ўзида, на ходимларида ҳаловат бор. Ачинишдан бошқасига ярамайдиган бундай раҳбар учун самарали бошқарувнинг энг асосий қоидалари ҳам бир пул:

  • а) ҳар бир ишга унинг бажарилиши учун ажратилган вақт сарфланади;
  • б) кунига саккиз соатдан ортиқ ишлаш ўта самарасиз, оқибати қимматга тушади.

6. Раҳбарнинг иш сумкаси доим қоғоз билан лиқ тўла. Бу зил-замбил сумканинг биргина нафи бор: ҳар ҳолда салгина «физкультура»...

7. Исталган, айниқса, муҳим масалаларни кейинга суришга интилади. У шу тарзда масала ўз-ўзидан ечимини топиб кетишига ёки кимдир унинг ўрнига ҳал қилишига умид қилади. Агарда муаммони ҳал этишга киришган тақдирида ҳам охиригача етказмайди. Оқибатда ечилмаган муммолар залвори босиб-босиб, бошқарувдаги жиддий хатолар сурункали тус олади.

8. «Оқ-қора» фикрлайди. Унинг ёндашуви доим бир хил, кескин. Бундай менежер билан муросага бориб бўлмайди.

9. Тасодифий, унча аҳамиятсиз деталларга ҳаддан зид эътибор бериб юборади, асосийни иккинчи даражалидан, муҳимни муҳиммасдан, жиддийни жиддиймасдан ажрата олмайди. Пашшадан фил ясашга уста.

10. Бажариш мумкин бўлган қарорлар ўрнига «энг яхши» қарорлар чиқаришга уринади. Бундай менежер тушунмайдики, мутлақ барчага бирдек маъқул, ёқадиган қарор чиқариш асло мумкинмас. Замонавий менежернинг асосий қуроли манфаатларга минимал дахл қилган ҳолда максимал самарали қарор қабул қилишдир.

11. Яхши раҳбар ролини қойиллатади: расмиятчиликдан холи ёки «очиқ эшиклар» принципида иш тутади — истаган киши, истаган вақтида, истаган масаласида унинг кабинетига кириб бориши мумкин.

12. Масъулиятдан қочади, айбни бировларга тўнкашга мойил бўлади.

13. Жамоа ва алоҳида ходимлар ютуқларини ўзиники қилиб олади: «Менинг оқилона раҳбарлигим бўлмаганида улар бу муваффақиятга эришмасдилар...».

Асосий етти хато: сабаб ва ечимлар

1. Ишни эртага (ёки номаълум муддатга) қолдириш

Ушбу хатога қуйидаги муаммолар ёки ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин:

  • масала ўз-ўзидан ҳал бўлишига ёки уни кимдир ҳал қилишига бўлган умид;
  • менежерда аслида нимага эришмоқчи экани борасида аниқ-тиниқ тасаввурнинг йўқлиги.

Бу хатога қандай барҳам берса бўлади? Агарда менежерда ўз мақсадлари борасида лўнда тасаввурнинг ўзи бўлмаса, унда қуйидагича чораларни қўллаш бирон наф бериши мумкин:

  1. Биринчи галда бажариш керак бўлган вазифаларни ёзиб олиш;
  2. Муаммони яқин ходимлар билан муҳокама қилиш;
  3. Муаммо ечими учун қатъий муддатни белгилаш;
  4. Вазифани қисмларга бўлиб, босқичма-босқич бажариш.

Агарда ишларни кейинга суриш ўзига ишончсизлик, қатъиятсизлик ва қўрқув билан боғлиқ бўлса, унда америкалик тадқиқотчи Норман Пилнинг маслаҳатлари ҳам чакки эмас:

1. Масаладаги ҳаммадан кўп асабга тегаётган энг оғир жиҳатни ажратиш ва унга барҳам бериш керак. Бунинг учун:

  • Ўзидан сўраши керак: «Менинг биринчи қадамим нимадан иборат бўлади?». Шу саволга жавобда «ҳаракат энергияси» яширинган;
  • Иш пайсалга солинса, чўзилса нима бўлишини (аниқ ва деталларда) тасаввур қилиши керак. Оқибатларини кўз олдига суратдек келтириши ва овоз чиқариб айтиши керак. Бу худди қамчидек таъсир кўрстади;
  • Агарда одамлар кутиб ўтирмасдан, керакли барча ахборот ва ресурсларни йиғишга киришганида ишнинг 80 фоизи бажарилган бўлмасмиди? Бошлаш керак, қолгани мақсад сари йўлда пайдо бўлади. Кутгандан фойда йўқ, чунки ишга 100 фоиз тайёрман деб ўйлаганингизда ҳам, ишга киришганингиздан кейин бундай эмаслиги аён бўлади.

2. Ишларни муҳимлигига қараб навбатга олинг. Битта муаммога эътиборни қаратиб, то уни битирмагунингизча бошқасига қўл урманг.

3. Бажариш муддатларини қатъий белиланг, буни бошқалар ҳам билсин. Мақсадингиз сари қай суръатда яқинлашаётганингизни кимдандир назорат қилиб туришини сўранг.

4. Ишни энг қийинидан бошланг — акс ҳолда энг оғир иш энг чарчаган пайтга тўғри келади.

5. Агарда бошланғич деталлар ва якуний мақсад аниқ бўлса, бошланиши учун шунинг ўзи етарли.

2. Ярим иш

Асабингизни асранг! Бир пайтнинг ўзида ҳамма ишни бошлаб қўймангда (барибир кўпини охирига етказа олмайсиз), аввалига ечими осон бир-иккита ишларни охирига етказинг. Масалан, бугун нималарни охирига етказа оласиз, шулардан бошланг. Агарда зиммангиздаги вазифа улкан ва мураккаб бўлса, унда уни шундай тақсимлангки, ҳар куни бир қисмини тўлиқ охирига етказиш мумкин бўлсин.

3. Барчасини бир йўла бажариш

Олдинги вазифа тўлиқ уддаланган ёки ечими аниқ бўлганидан кейингина янгисига ўтиш мумкин. Раҳбарнинг вазифаси — тизим самарали ишлаши учун шароит яратишдир. Бу тизимнинг барча жабҳаларига аралашиш унинг иши эмас.

4. Барчасини ўзим бажараман

Раҳбарнинг иши — бошқариш. Ишлаб чиқаришмас. Профессионал менежерларда шундай нақл юради: «Жамоа — ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан, раҳбарият — жамоани ривожлантириш билан шуғулланади». Самарали менежер эса унинг ўзидан бошқа ҳеч ким бажара олмайдиган ишлар билан машғул бўлади.

5. Менежер ҳаммадан кўп билади

Ҳар томонлама комил бўлиш мумкинмас. Ҳамма ўз ишини қилиши керак. Агарда раҳбар ностандарт, мураккаб вазиятга дуч келса, ёлғон истиҳолани йиғиштириб, ҳамкасбларидан ёрдам сўрагани маъқул. Бу билан «отдан тушиб қолмайди».

6. Ваколатлар чегараси

Ташкилий ишлардаги асосий қусурлардан бири — ходимларнинг вазифалари, функцияларидаги аниқ чегаранинг йўқлиги. Кўпинча вазифаси нималардан иборатлиги ҳақида ходимларга фақат умумий тушунчалар берилади. Иш бундай ташкил этилган муҳитда бажарилмаган иш учун масъулиятни бировларга тўнкашга мойиллик кузатилади. Шунинг учун ҳам менежер ҳар бир ходимнинг мажбурияти ва масъулиятини, нималар қилишини аниқ белгилаб бериши лозим.

7. Айбни бировга ағдариш

Бундан наф йўқ. Чунки бунда бутун энергия ўтмишга қаратилади, ҳолбуки хатони тузатиш учун энди кеч. Ундан кўра истиқболга юзланинг. Раҳбарнинг вазифаси айбдорни қидириш ёки жазолашмас, балки муваффақиятсизликнинг объектив сабабларини топиш ва уларга барҳам беришдир.

Манба: «Элитариум».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг