Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яқин қариндошларнинг ишончномасиз автомашина ҳайдаши масаласида расмий изоҳ берилди

Яқин қариндошларнинг ишончномасиз автомашина ҳайдаши масаласида расмий изоҳ берилди

Гарчи эндиликда яқин қариндошлар ишончномасиз автомашина бошқариши мумкинлиги ҳақида хабар берилган бўлса-да, эски намунадаги суғурта полислари бланки билан юриб бўлмаслиги муаммоси юзага келгани ҳақида мулоҳаза юритилганди.

Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, ушбу масалага Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ изоҳ берган.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги 915-сон қарорига асосан, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ушбу транспорт воситасидан мустақил фойдаланиши ва бошқариши мумкинлиги белгиланиб, янги намунадаги суғурта полиси бланкалари ҳам тасдиқланган.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги кунда суғурта компаниялари томонидан янги намунадаги суғурта полиси бланкаларини чоп этиш ва амалга киритиш бўйича муаммо мавжуд.

Таъкидлаш лозимки, мазкур муаммонинг ечими топилишидан энг аввало биз манфаатдормиз. Чунки, йўл патруль хизмати инспектори билан ҳайдовчи ўртасидаги муносабатларнинг қай тарзда шаклланиши ҳам шунга боғлиқ.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги Суғурта назорати давлат инспекцияси мазкур муаммони қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича чоралар кўраётганлигини маълум қиламиз.

Муаммога эътибор қаратганингиз ва унинг ечимини тезлаштиришга қўшаётган ҳиссангиз учун Сизга ҳамда масалага беэътибор бўлмаган барча йўл ҳаракати иштирокчиларига миннатдорлик билдирамиз», дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ изоҳида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг