Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яқин келажакда машина бозори бўладими? Trade-In имкониятларига баҳо

Яқин келажакда машина бозори бўладими? Trade-In имкониятларига баҳо

Фото: «uz24.uz»

Эски автомобилни янгисига алмаштириш бўйича Trade-In дастури иш бошлаганига бирмунча фурсат бўлиб қолди. Хўш, бу тадбир қандай давом этмоқда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаяптими? UzAuto мутасаддилари билан бўлиб ўтган норасмий учрашув вақтида айнан шу мавзуда журналистлар саволларига жавоб берилди.

Маълум қилинишича, айни вақтда Trade-In марказида учта, Республика бўйлаб эса 80дан ортиқ дилерлик фирмаси иш олиб бормоқда. Унда иккиламчи бозордаги нарҳлардан яхши бохабар мутахассислар фаолият юритяпти. Бу мутахассислар марказга келган машина нарҳини чиқариб беради. Албатта нарҳ чиқаришнинг ўзига ҳос механизми ҳам жорий этилган.

Мижоз бу нарҳга рози бўлган тақдирда, автомобил қўшимча техник кўрикдан ўтказилади. Агар унда кўзга кўринмас нуқсонлар бўлса, малакали усталар кўригидан сўнг аниқланади. Шундан сўнг машинанинг якуний нарҳи келиб чиқади.

— Бу тизим АҚШдан олинган. Trade-In марказини ишга туширишдан олдин АҚШ ва Канада тажрибасини тўлиқ ўрганиб чиқдик ва ўзимизга жорий этдик, — дейди бу ҳақда UzAuto Motors кафолат ва техник хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Баходир Абдуллаев. — Фақат битта фарқ, Америкада иккиламчи бозорда сотилаётган автомобилларнинг нарҳи интернет-сайтларга асосланиб чиқарилади. Бизда эса бу борада мутахассислар фаолият юритади.

Албатта Trade-In тизимининг афзал жиҳатлари жуда кўп. Энг аввало бу ерда ортиқча югур-югурлардан холи бўласиз. Эски машинангизни баҳолашдан тортиб, техник кўрикдан ўтказишгача мутахассислар ишлайди. Янгисига алмаштиришда ҳам худди шундай ҳолат - ўзингизга ёққан автони танлайсиз ва қолганини мутахассисларга қўйиб берасиз. Муҳим жиҳатлардан яна бири — бу ерда нотариус учун қўшимча тўлов қилиш шарт эмас.

Сиз нафақат янги автомобил, балки Trade-In марказидаги аввал топширилган машиналардан бирини ҳам сотиб олишингиз мумкин. Бундай ҳолатда автомобил сифатига кафолат дилер корхоналар томонидан берилади. Кафолат икки хил бўлади. Биринчиси — сертификатланган автомобил. Буни амалга ошириш учун автомобил «UzAuto Motors»да тайёрланиб, ишлаб чиқарилганига уч йил бўлган ва 100 минг километргача юрган бўлиши лозим. Албатта автомобил 172 пункт асосида текширувдан ўтиши лозим. Мотордан тортиб, юриш қисмигача. Шундан сўнг машинанинг «фойдаланиш тарихи» яратилади ва қандайдир камчилик бўлса тўғирланиб, дилер корхона томонидан кафолат беради. Яъни, 13 та асосий тизим бўйича бир йил муддатга ва 20 минг километрга ёки икки йил муддат ҳамда 40 минг километрлик кафолат берилади.

Иккинчи кафолат тури — машинанинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида маълумот берилади. Бутун тизимлар диагностикаси амалга оширилади ва ғилдираклар алмаштирилади. Бундай автомобилларга уч ой муддат ва 7500 километрлик кафолат берилади. Дилер корхонаси мижозга қандай эхтиёт қисмлар алмаштирилгани ҳақида тўлиқ маълумот беради. Фақат бир нарса ёддан чиқмаслиги лозим — кафолат берилган автомобилни сотиб олган мижоз ўз мажбуриятларини ҳам тўлиқ бажариши лозим. Яъни, лицензия асосида фаолият юритувчи жойда ўз вақтида техник кўрикдан ўтиши ва мойини алмаштириши шарт. Афсуски, баъзан шундай ҳолат ҳам учрайдики, мижоз автомобилнинг ҳолатига беэътибор бўлади ва носозлик юзага келган ҳолатда дилерлик фирмасига эътироз билдиради.

ЎзАвто томонидан Trade-In фаолиятини яхшилаш борасида турли сўровномалар ўтказиб борилмоқда. Хусусан, унга кўра мижозлар кафолат бериладиган автомобилга қўшимча тўлов қилишга тайёр эканликларини билдирган. Сўровномада иштирок этганларнинг 70 фоизи бунга тайёр.

Албатта ҳозирча Trade-In дастури тўлиқ куч билан ишлаб кетмади ва мижозларда ҳам бу борада тўлиқ тушунча шаклланмаган. Бу эса тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Масалан, мижоз дастлабки нарҳга рози бўлади ва техник кўрик ўтказилади. Аммо кўрикдан сўнг мижоз фикридан қайтади. Бундай вақтда техник кўрик ҳаражати ким томонидан қопланади?

Бундай ҳолатлар сурункали қайд этилгандан сўнг машинани сотишдан бош тортган мижоз кўрик пулини тўлаб беришига келишилди. Trade-In фаолияти бошлангандан сўнг текин кўрикдан ўтказиш ишқибозлари кўпайиб кетди. Бу эса табиийки марказ фаолиятига салбий таъсир кўрсатди.

Техник кўрик нарҳи қанча, деган савол бўлиши мумкин — 70 минг сўм!

ЎзАвто мутахассислари билан бўлган суҳбат якунида журналистлар томонидан бир қатор таклифлар берилди. Хусусан, Trade-In иккиламчи бозорга кириб бориши лозимлиги айтилди. Хусусан, Сергелидаги машина бозорида Trade-In шаҳобчасини ташкил этиб, мижозларни жалб этса бўлади. Шу билан бирга эски автомобилини топширган мижозга янгисини олиши учун чегирмалар берилиши, кредит тақдим этиш тизимини шакллантириш мумкинлиги айтилди.

— Биз дилердан мижоз учун шароит яратишини талаб қиламиз. Энг аввало хушмуомала, чой, кофе, дегандек. Trade-In тизимининг устун жиҳати — хизмат кўрсатишда бўлиши лозим. Ҳозир иккиламчи фойдаланишдаги автомобил олди-сотдиси бозорда бўлмоқда. Бундай савдо кўпинча сояда қолалди. Бизнинг мақсадимиз — мана шу соядаги савдони очиқ майдонга олиб чиқиш, — деди «Ўзавтосаноат» АЖ савдони ривожлантириш, сўнгги хизмат кўрсатиш ва компонентлар экспорти бошқармасининг бошлиғи Шухрат Мирсамуков.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг