Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Рақамлаштириш – йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими» — Президент

«Рақамлаштириш – йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими» — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан буён ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо берилади. Бу ҳақда президент ўтказган йиғилишда маълум қилди.

Вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш топширилди.

«Рақамлаштириш – йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими», — деди Президент — «Афсуски, на пойтахтда, на ҳудудларда рақамлаштириш борасида бирорта намуна қилиб кўрсатадиган жой йўқ. Борини ҳам эплаб ишлата олмаяпти».

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжуд. Бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқ.

«Ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида юзага келган муаммоларни ўзим қаттиқ назоратга олганимдан кейин ҳокимлар ва ички ишлар бошлиқлари ҳаракатни бошлади.

Ушбу ҳудудлар ички ишлар бошлиқлари 1 июлгача кескин ўзгариш қилмаса, уларга нисбатан қатъий чора кўраман. Бошқа ҳокимлар ҳам хулоса қилиб, батафсил ҳисобот беради», деди Президент.

Қайд этилишича, энди Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини рақамли бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш тизими жорий этиш тўлиқ шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтказилади.

Йил якунига қадар пойтахтнинг 300 та чорраҳасини, келгуси йилда эса қолган 302 тасини рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди.

«Соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ барча масалага шаҳар мутасаддилари жавоб беради ва сўров ҳам улардан бўлади. Ахборот технологиялари, Ички ишлар ва Транспорт вазирликларида ушбу тизимни такрорловчи ёки ишига аралашадиган бўлинмалар бўлиши мумкин эмас», деди давлатимиз раҳбари.

«Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимларининг йўл ҳаракатини рақамли бошқаришни жорий этиш бўйича «йўл хариталари» билан танишиб чиқдим. Уларда белгиланган тадбирлар фақат қоидабузарликнинг назорати билан чеклангани мени мутлақо қониқтирмайди», қўшимча қилди Президент.

Бир ой муддатда вилоят марказларида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепцияларини ишлаб чиқиш топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг