Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўғил отаси совға қилган «BMW»ни дарёга оқизиб юборди — унга «ягуар» керакмиш (видео)

Ўғил отаси совға қилган «BMW»ни дарёга оқизиб юборди — унга «ягуар» керакмиш (видео)

Скриншот

Ҳиндистоннинг Ямунанагар шаҳри (Харяна штати)да яшовчи Акаш исмли йигитчага 22-таваллуд айёмида отаси ажойиб совға келтирди — 3-серияли яп-янги «BMW». Акаш қувонганидан ўзини қўйишга жой тополмай қолгандир-да деб ўйласангиз, чучварани хом санаган бўласиз.

Отасининг эркаси деб шунақаларни айтишса керак-да: Акашга машина ёқмади, унга «ягуар» керакмиш. Бу машина ўзи ва дўстлари учун «торлик» қиларкан. Хуллас, арзанда шунчалик ранжидики, машинани ҳайдаб бориб, шундоққина оқиб ўтаётган дарёга оқизиб юборди... У ерда яшовчилар бунақа машинани ҳатто орзу ҳам қилишмайди, ҳақиқийсини эса биринчи марта дарёда кўришди...

Албатта, бир тўда бекорчилар фурсатни бой бермай машинани қутқаришга, қайиққа трос билан боғлаб сувдан тортиб чиқаришга уриниб кўришди. Аммо машина салони сувга тўлиб бўлгач, у худди хайрлашмоқчи бўлгандек охирги марта тўртта еттилик рақамини кўрсатди-ю, сув остига чўкиб кетди.

Кейинчалик машинани саёзликда лойқага қоришиб ётган ҳолда топишди. Бунақа машина (янгиси) Ҳиндистонда 3,5 миллион рупия (44 000 евро атрофида) туради. «БМВ қотили»ни ношуд фарзанд, отасининг арзандаси деб койиганлар ҳам бўлди. Дўстлари ҳам унинг қилиғини оқлашмади.

Воқеа жойига етиб келган полиция иш очиб ҳам ўтирмади, чунки бу — «оилавий иш».

Ота эса ўзини айбламоқда, ўғли айтган «ягуар»ни сотиб олишга пули етмапти...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг