Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода «Эпика» ҳайдовчиси ЙПХ ходимини судради

Бухорода «Эпика» ҳайдовчиси ЙПХ ходимини судради

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Жорий йилнинг 2 июнь куни ижтимоий тармоқларда «Эпика» русумли автомашина ЙПХ инспекторини олд капоти устида судраб кетганлиги акс этган видео тарқалди.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, видео лавҳа ўрганилганда, Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 1-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспекторлари Н.Шарипов ва В.Қурбоновлар 2 июнь куни соат 12:00ларда, Бухоро шаҳридаги Карвон буюм бозори олдидан ўтган М-37 халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича хизмат олиб бораётган бўлишган.

Хизмат жараёнида Н.Шарипов оқ рангли «Эпика» русумли транспорт воситасини ЙҲҚнинг 3.27 «Тўхташ тақиқланган» йўл белгисига амал қилмай тўхтаганлиги учун ўрнатилган тартибда тўхтатган. Инспектор ҳайдовчига ўзини таништириб, содир этган ҳуқуқбузарлигини тушунтирган ва автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишни сўраган. Шунда ҳайдовчи автомашина ойналарини кўтариб, эшикларини қулфлаган. Бу вақтда ҳайдовчининг қочиб кетишини олдини олиш мақсадида ЙПХ ходими В.Қурбонов автомашина олдига турган.

Ҳайдовчи эса ЙПХ инспектори турганлигига қарамасдан ҳаракатни бошлаган. ЙПХ инспектори автомашинанинг капот қисмига осилиб қолган ва автомашина ҳайдовчиси тахминан 10 метр масофагача ҳаракатланиб кейин тўхтаган.

Ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритилиб, воқеа жойига шаҳар ИИБ ва прокуратура органлари ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи етиб борган.

Мазкур ҳолат юзасидан  Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг