Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Автомобил тарихи» хизмати йўлга қўйилмоқда

«Автомобил тарихи» хизмати йўлга қўйилмоқда

Фото: «Xabar.uz»

«Автомобил тарихи» маълумотларини тақдим этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳага кўра, Давлат хизматлари маркази, ЯИДХП (мй.гов.уз) ҳамда турли веб-сайт ва онлайн платформалар орқали автомототранспорт воситаларига берилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси орқали «автомобил тарихи»га оид қуйидаги маълумотларни автоматик тарзда олиш хизмати жорий этилмоқда, жумладан:

  • автотранспорт воситасининг агрегат маълумотлари, тахминий юрган масофаси;
  • автотранспорт воситасининг гаровда эканлиги ёки унга нисбатан тақиқ мавжуд/мавжуд эмаслиги тўғрисидаги;
  • фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар (ишончнома, ижара, ҳадя, олди-сотди шартномаси, мерос ва бошқалар) тузилганлиги;
  • йўл транспорт ҳодисаси содир этилганлиги;
  • автотранспорт воситасига йўловчи ташиш бўйича лицензия варақаси олинганлиги (олинмаганлиги) ҳақидаги маълумотлар;
  • божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар.

Қайд этиш керакки, берилаётган маълумотлар ахборот характерига эга бўлиб, келгусида расмий ҳаракатларни амалга ошириш учун асос бўлмайди.

Шахсга доир маълумотларнинг кафолатланишини таъминлаш мақсадида, маълумотларда мулк эгаси ҳақидаги шахсий маълумотлар, шунингдек тезкор-қидирув, мудофаа ва хавфсизликка оид автотранспорт воситаларига оид маълумотлар акс эттирилмайди.

Хизмат ихтиёрий равишда, муайян ҳақ эвазига (БҲМнинг 20 фоизи) кўрсатилади.

Ушбу хизмат иккиламчи бозорда автомобил савдосида фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишда ёрдам беради.

Лойиҳа муҳокамасида иштирок этишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг